Ашраф Ҳакими оғир жароҳатдан сўнг майдонга қайтди
«Пари Сен-Жермен» ва Марокаш терма жамоаси ўнг қанот ҳимоячиси Ашраф Ҳакими узоқ танаффусдан кейин яна майдонга тушди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
27 ёшли футболчи Африка Миллатлар кубогининг бугунги учрашувида Замбияга қарши баҳсда 64-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди ва Нуссаир Мазрауи ўрнини эгаллади. Бу Ҳакими учун қарийб икки ойдан бери илк ўйин бўлди. Эслатиб ўтамиз, ноябрь бошида у Чемпионлар лигасида «ПСЖ» — «Бавария» учрашувида тўпиқдан жиддий жароҳат олганди.
Ҳакимнинг қайтиши пайтига келиб Марокаш терма жамоаси замбияликлар дарвозасига жавобсиз учта гол уришга улгурган эди. Ғалаба қозонилса, Валид Реграгуи шогирдлари 7 очко жамғариб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллайди.
