Солиқ текшируви порага айландими? Нукусда икки инспектор ушланди
Қорақалпоғистон Республикасида солиқ органларининг икки нафар бош инспектори тадбиркордан тамагирлик қилган ҳолда қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Нукус шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият фаолиятини текширган солиқ инспекторлари тадбиркорга нисбатан 213 миллион сўмлик солиқ қонунчилиги бузилиши аниқланганини билдирган. Улар ушбу суммани 34 миллион сўмгача камайтириб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида солиқ инспекторлари ўзларига тегишли бўлган пора пулнинг бир қисмини — 700 АҚШ доллари ва 15 миллион сўмни собиқ солиқ идораси ходими орқали олган вақтларида фош этилди.
Натижада, икки нафар амалдаги солиқ инспектори ҳамда уларга воситачилик қилган шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан учала шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
