ru24.pro
World News
Декабрь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28
29
30
31

Honor WIN серияси: улкан батарея ва кучли флагман

0

Хитойнинг Honor компанияси яна бир бор смартфон бозорида шов-шув кўтарди. Компания WIN туркумига кирувчи янги қурилмаларини расман тақдим этди. Бу ҳақда ишлаб чиқарувчи Weibo’даги расмий блоги орқали маълум қилди. Янги линиядан икки модель — WIN ва WIN RT ўрин олган бўлиб, улар, аввало, техник жиҳатдан ўзига хос ечимлари билан диққатни тортади.

Энг катта янгилик — аккумулятор масаласида. Ҳар икки смартфон ҳам 10 000 миллиампер-соат сиғимли батарея билан жиҳозланган. Бу кўрсаткич ҳатто айрим планшетлар учун ҳам жиддий рақам ҳисобланади. Эътиборлиси, шунчалик улкан батареяга қарамасдан, қурилманинг қалинлиги бор-йўғи 8,3 миллиметрни ташкил этади. Бу эса Honor муҳандислари дизайн ва эргономикага алоҳида урғу берганини кўрсатади.

Смартфонлар 100 ваттли тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, бир марта тўлиқ қувватланган аккумулятор бир неча кун давомида фаол фойдаланиш учун етарли. Бу айниқса сафарда, ўйин ёки видео томоша қилишни яхши кўрадиган фойдаланувчилар учун катта плюс.

Яна бир қизиқ ечим — Ultra Fan деб номланган махсус совитиш тизими. Кулер қурилманинг орқа қисмига ўрнатилган бўлиб, у юқори юклама пайтида смартфоннинг қизиб кетишини олдини олади. Бу детал WIN сериясини гейминг ва оғир иловаларни кўп ишлатадиган аудиторияга ҳам мос қилади.

Техник қувват борасида ҳам фарқ сезилади. WIN модели Snapdragon 8 Elite Gen 5 процессорида ишлайди, WIN RT эса Snapdragon 8 Elite чипсети билан таъминланган. Ҳар икки қурилма 12 гигабайт тезкор ва 256 гигабайт доимий хотирага эга. Экран диагонали 6,83 дюйм бўлиб, катта ва қулай тасвирни таъминлайди.

Камера масаласида WIN модели устунликка эга. У 50 мегапикселли асосий сенсор, 50 мегапикселли кенг бурчакли объектив ва 50 мегапикселли телеобъектив билан жиҳозланган. WIN RT эса телеобъективсиз тақдим этилган, бу эса унинг нархига ҳам таъсир қилган.

Нархлар ҳам рақобатбардош: Honor WIN модели 3999 юандан, яъни тахминан 570 доллардан бошланади. WIN RT эса анча арзон — 2699 юан, тахминан 385 доллар. Шу тариқа, Honor WIN серияси катта батарея, кучли темир ва замонавий дизайнни бир жойга жамлаб, бозорда жиддий қизиқиш уйғотиши аниқ.