Жавоҳир Синдаров 2026 йилги Номзодлар турнирига йўлланма олди
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 2026 йилги FIDE Номзодлар турнирига йўлланма олди. Бу ҳақда Chessdom портали Жаҳон кубоги ярим финал учрашуви натижаларига асосланиб хабар берди.
Синдаров классик ўйинда икки дурангдан сўнг, тай-брейкда Нодирбек Яқуббоевни мағлуб этди. Ҳал қилувчи партияда Синдаров қора фигуралар билан рақиби Нодирбек Якуббоевга босим ўтказиб, вақт етишмаслигига олиб келди ва мураккаб ладья эндшпилида устунликка эришди.
2026 йилги Номзодлар турнири Кипрда, Cap St Georges Hotel & Resort мажмуасида, 25 мартдан 1 майгача бўлиб ўтади. Ушбу турнир амалдаги жаҳон чемпиони Д.Гукешга рақибни аниқлайди.
Мусобақа иштирокчилари сафидан Жаҳон кубоги совриндорлари, Гранд Свисс мусобақаси етакчилари, FIDE Circuit ғолиблари ҳамда 2025 йил августидан 2026 йил январигача энг юқори ўртача рейтингга эга шахматчи ўрин олади.
