Чемпионлар лигасида ҳафтанинг энг яхши футболчиси аниқланмоқда
Европа Чемпионлар лигасининг 4-тур баҳслари якунлангач, УЕФА расмий сайти мусобақанинг ҳафтадаги энг яхши футболчиси бўлиш учун асосий даъвогарларни маълум қилди. Бу сафар номзодлар рўйхатида тўрт нафар футболчи жой олган бўлиб, уларнинг ҳар бири жамоаси ғалабаси ёки муваффақиятида ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Биринчи номзод — “Галатасарой” ҳужумчиси Виктор Осимҳен. Нигериялик тўпурар Истанбул клубининг “Аякс”га қарши учрашувида (3:0) ҳақиқий шоу намойиш этиб, ҳет-трик қайд этди. Унинг тезкор ҳаракатлари ва аниқ зарбалари рақиб дарвозабони учун ҳал қилувчи бўлди.
Иккинчи номзод сифатида “Манчестер Сити”нинг ёш юлдузи Фил Фоден кўрсатилган. У Дортмунднинг “Боруссия”сига қарши учрашувда (4:1) дубл қайд этиб, жамоасига муҳим ғалаба келтирди. Англиялик хавбек ҳар бир ҳужумда фаол иштирок этиб, Гвардиола жамоасининг асосий етакчиларидан бири эканини яна бир бор исботлади.
Шунингдек, “Арсенал”нинг марказий ярим ҳимоячиси Микел Мерино ҳам ҳафтанинг фавқулодда номзодларидан бири бўлди. Испаниялик футболчи “Славия”га қарши беллашувда икки бор тўп киритиб, “тўпчилар”нинг ишончли ғалабасига ҳисса қўшди.
Рўйхатни “Брюгге” вингери Карлуш Форбс якунлайди. У “Барселона”га қарши жуда таъсирли ўйин кўрсатиб, дубль қайд этди ва яна битта голли пасни амалга оширди. Унинг ҳаракатлари Бельгия клубига 3:3 ҳисобида мувозанатни сақлаб қолиш имконини берди.
Эндиликда футбол мухлислари УЕФА сайти орқали ҳафтанинг энг яхши ўйинчисини овоз бериш йўли билан аниқлай олади. Ғолиб исми яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.
Бу сафарги номзодлар — нафақат голлар, балки майдондаги жонкуярлик ва техник маҳоратнинг намунаси бўлган футболчилар сифатида тарихда қолиши аниқ.
