Ҳарри Кейн 14 ўйинда 25 голли иштирок қайд этди
0
"Бавария" ҳужумчиси Ҳарри Кейн Германия кубоги доирасида "Кёльн" устидан қозонилган 4:1 ҳисобидаги ғалабада дубл қайд этди. Англиялик футболчи 38 ва 64-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилди.
32 яшли форвард жорий мавсумда 22 та гол ва 3 та голли узатма муаллифи бўлди, бунинг учун унга атиги 14 та ўйин кифоя бўлди. Жорий мавсумда Ҳарри Кейн ҳар 53 дақиқада бир марта гол урмоқда, яъни деярли ҳар бир таймда самарали ўйин кўрсатмоқда.
"Кёльн" устидан қозонилган ғалаба "Бавария" учун мавсум бошидан бери кетма-кет 14-ғалаба бўлиб, бу кўрсаткич Европа топ лигалари учун янги рекорд бўлди. Шанба куни "Бавария" ўз майдонида Леверкузеннинг "Байер" жамоасини Бундеслигада қабул қилади.
