Ўзбекистон ўсмирлар футзал жамоаси Эронга йирик ҳисобда мағлуб бўлди
Баҳрайнда бўлиб ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги III Осиё ёшлар ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси яримфиналда майдонга тушди. Дилшод Раҳматов бошчилигидаги ёш футзалчиларимиз бу сафар Эрон ёшларига қарши синовдан ўтишди.
Беллашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ рақиблар ташаббусни қўлга олиб, тез-тез ҳужумларни амалга оширди. Форслар юқори даражадаги тайёргарлик ва жамоавий ўйин билан ажралиб турди. Йигитларимиз эса барча кучини ишга солган бўлса-да, кучли рақибни тўхтатиш осон кечмади.
Учрашув 14:2 ҳисобида Эрон терма жамоасининг йирик ғалабаси билан якунланди. Ўзбек йигитлар ғалаба учун бор кучи билан ҳаракат қилди, бироқ рақибнинг юқори техникаси ва тажрибаси ҳал қилувчи омилга айланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мусобақанинг финалига чиқиш имконини бой берди. Энди улар 30 октябрь куни бронза медали учун баҳс олиб боришади. Рақиб номи тез орада маълум бўлиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Баҳрайндаги бу мусобақа нафақат медаллар, балки келгуси халқаро стартлар учун муҳим аҳамиятга эга. Осиё ёшлар ўйинларида совринли ўринни эгаллаган жамоалар 2026 йили Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида бўлиб ўтадиган IV Ёшлар ёзги Олимпиадасига йўлланма қўлга киритади.
Шу сабаб, терма жамоамиз учун бу ўйин — жаҳон саҳнасига чиқиш имконини сақлаб қолиш учун сўнгги имконият бўлади. Ёш футзалчиларимиз бронза медали учун курашда жонкуярлик ва ғалабага ишонч билан майдонга чиқиши кутилмоқда.
Дилшод Раҳматов шогирдлари учун бу мусобақа катта тажриба мактаби бўлди. Улар рақобат даражаси юқори бўлган қитъа жамоаларига қарши баҳсларда қимматли сабоқлар олди ва келгусидаги йирик мусобақаларда бу тажриба катта аҳамият касб этади.
Ўсмирлар ўртасида Осиё ўйинлари.
Футзал, яримфинал
Эрон – Ўзбекистон — 14:2
