Жанубий Кореяда мигрантларга қарши рейдлар: депортация хавфи ортмоқда
Жанубий Кореяда ҳукумат ноқонуний равишда мамлакат ҳудудида бўлиб турган чет эллик фуқароларга қарши кенг кўламли текширувлар кампаниясини бошлади, деб хабар берди KoreaHerald.com. Бу чоралар Адлия вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилмоқда ва унга полиция, денгиз полицияси ҳамда меҳнат ва транспорт вазирликлари ҳам жалб этилган.
Рейдлар мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган бўлиб, уларнинг асосий мақсади — қонуний асосга эга бўлмаган мигрантларни, иш ҳақи ва лицензиясиз фаолият билан шуғулланаётган шахсларни, шунингдек воситачилар ва қонунбузар иш берувчиларни аниқлашдир. Бу операциялар 12 декабргача давом этади ва айниқса, 2025 йилда Кёнжу шаҳрида бўлиб ўтадиган APEC саммити арафасида хавфсизлик чораларини кучайтиришга қаратилган.
Ҳукумат маълум қилишича, ушбу чоралар нафақат миграция тизимини тозалаш, балки маҳаллий фуқароларнинг иш ўринларини муҳофаза қилиш мақсадини ҳам кўзламоқда. Шу боисдан кўплаб чет элликлар текширув доирасига тушиши мумкин. Маҳаллий манбаларнинг таъкидлашича, айрим иш берувчилар ҳам ноқонуний меҳнатчи жалб этганлик учун жавобгарликка тортилиши эҳтимол қилинмоқда.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, қонунбузарлик аниқланган ҳолатларда жарима, мамлакатдан чиқариш (депортация) ва кейинчалик Жанубий Кореяга киришни тақиқлаш каби жазо чоралари қўлланилади. Бироқ расмийлар бу жараёнда инсон ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилинишига катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
Вазирлик вакиллари мигрантларга мурожаат қилиб, ноқонуний мақомни ихтиёрий равишда бартараф этиш келгусида жиддий ҳуқуқий оқибатлардан қутулиш имконини бериши мумкинлигини эслатди. Яъни, кимки ихтиёрий равишда юртни тарк этса, кейинги сафар виза олишда ёки киришда унга нисбатан енгилликлар қўлланиши эҳтимолсиз бўлмайди.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, йил бошидан буён E-9 визаси шартларини бузган 26 нафар ватандошга нисбатан жарималар қўлланилган. Улар ҳар бир ноқонуний бўлиб турган ойи учун 2000 доллардан тўлашга мажбур бўлган. Бу ҳолат фуқароларга чет элдаги қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор ёдга солади.
Жанубий Кореядаги бу операция нафақат мамлакат ичидаги тартибни таъминлаш, балки минтақадаги халқаро саммитлар арафасида хавфсизликни кучайтириш сиёсати доирасида ҳам амалга оширилаётгани қайд этилмоқда. Шу боис, расмийлар мигрантларни қонуний мақомни тиклаш ёки мамлакатни тарк этишга чақирмоқда.
Шу тариқа, Жанубий Корея ҳукумати миграция соҳасида қатъий тартиб ўрнатишга киришди. Меҳнат бозорини соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бу кампаниянинг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда.
