АҚШда номаълум шахс Пентагонга 130 млн доллар берди
АҚШда ҳукумат фаолияти вақтинчалик тўхтаган бир пайтда, мамлакат мудофаа тизими кутилмаганда аноним манба орқали молиявий қўллов олди. Politico нашрининг ёзишича, Пентагон 130 миллион доллар миқдоридаги хайрия маблағини қабул қилганини тасдиқлади.
Мудофаа вазирлиги вакили Шон Парнелл маълум қилишича, ушбу маблағ давлат томонидан эмас, балки хусусий шахс томонидан тақдим этилган. Унинг сўзларига кўра, пул асосан ҳарбий хизматчиларнинг ойлик маошларини тўлаш учун йўналтирилади. Аммо хайрия қилган шахснинг кимлиги ошкор этилмади — ҳатто у АҚШ фуқаросими ёки йўқми, деган саволга ҳам жавоб берилмади.
Мавжуд қонунларга кўра, ҳарбийлар ёки уларнинг оилалари фойдасига қилинган 10 минг доллардан ортиқ хайриялар этика комиссияси томонидан текширилиши шарт. Бу орқали “донорнинг манфаатлари давлат қарорларига таъсир этмайди” деган кафолат аниқланади.
АҚШ президенти Доналд Трамп ўз чиқишида мазкур хайрия ҳақида билишини билдирди, бироқ донор исмини ошкор қилмади. Унинг таъкидлашича, пул “дўстлик ва ҳамдардлик ҳисси” билан берилган. Шу билан бирга, Трамп ҳукумат ишининг тўхташи учун яна бир бор Демократик партияни айблади.
Маълумотларга кўра, берилган маблағ барча ҳарбийлар маошини тўлиқ қопламайди. Фақат октябр ойининг биринчи ярмида Пентагон маошлар учун тахминан 6,5 миллиард доллар сарфлаган. Келаси ҳафта Конгресс ушбу масала бўйича янги қонун лойиҳаларини кўриб чиқиши кутилмоқда.
1 октябрдан бошлаб АҚШда янги молиявий йил учун бюджет қабул қилинмагани сабабли бир қатор давлат идоралари ишини тўхтатган. Бу ҳолат мамлакатда “шатдаун” деб аталади. Ҳукуматдаги келишмовчиликлар асосан камбағаллар учун тиббий суғурта дастури — “Obamacare”ни молиялаштириш масаласи билан боғлиқ. Демократлар ушбу дастурни ҳимоя қилмоқда, республикачилар эса уни қисқартириш тарафдори.
Шатдаун сабаб қатор вазирликларда қисқартиришлар амалга оширилди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 4200 дан ортиқ давлат хизматчиси ишдан бўшатилган, жумладан молия, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида. Шу билан бирга, Трамп мудофаа вазирига ҳарбийларнинг маошини ҳукумат иши тўхтаганига қарамай таъминлашни буюрди.
Бундай ҳолат сўнгги бор 2018 йилнинг охирида рўй берган эди. Ўшандаги 35 кунлик бюджет тўсиғи АҚШ тарихидаги энг узоқ шатдаун сифатида қайд этилган. Унинг сабаби Трампнинг Мексика билан чегарада девор қуриш учун катта маблағ ажратиш талаби бўлган.
Бу сафарги ҳолатда эса энг қизиқ жиҳат — Пентагоннинг аноним хайрия қабул қилганидир. АҚШда бундай миқдордаги хусусий молиявий қўллов ҳукумат тизимида илк марта қайд этилмоқда ва бу нафақат сиёсий, балки ҳуқуқий саволларни ҳам келтириб чиқарди.
Мутахассислар фикрича, ушбу ҳолат давлатнинг молиявий барқарорлиги юзасидан жиддий сигнал бўлиши мумкин. Хусусий шахслар томонидан давлат тизимларига молиявий ёрдам кўрсатиш тенденцияси келгусида янги сиёсий баҳсларнинг асосига айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
