Руни Барджи "Барселона" мураббийларини ажаблантиришда давом этмоқда
Каталониянинг нуфузли "Барселона" клубига яқинда қўшилган ёш швециялик футболчи Руни Барджи жамоа мураббийлар штабини ҳақиқий ҳайратга солди. Diario Sport тарқатган маълумотларга кўра, бош мураббий Ханс-Дитер Флик ва унинг ёрдамчилари вингернинг жисмоний тайёргарлигидан жуда мамнун. У ҳозирда жамоа қароргоҳига ажойиб спорт ҳолатида етиб келган ва аксарият футболчилардан бир неча поғона олдинда турибди.
Руни Барджи "Барселона" сафига июль ойи ўрталарида Даниянинг "Копенгаген" жамоасидан 2,5 миллион евро эвазига қўшилган эди. Ёш истеъдод ўзининг илк ўртоқлик учрашувлариданоқ мухлислар ва мураббийлар ишончини қозонди. У мавсумолди ўйинда Япониянинг "Виссел Кобе" жамоасига гол уриб, "кўк-анорранглилар"нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди.
Учрашув якунлангач, бош мураббий Флик Руни Барджини асосий таркибда кўриш нияти борлигини очиқ билдирди. Швециялик футболчининг тайёргарлиги, майдондаги ҳаракатлари ва интизоми мураббийлар штабини ҳамда жамоа раҳбариятини руҳлантирмоқда.
"Барселона"нинг янги аъзоси ўзининг илк мавсумидаёқ муваффақиятли натижалар қайд этишга интилмоқда. Мухлислар эса, Барджининг келгуси ўйинларда қандай ўйин намоён этишини катта қизиқиш билан кутишмоқда.