ru24.pro
World News
Май
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Давлат хизматларида адолат: шикоятлар учун янги судгача механизм жорий этилди

0
Ўзбекистонда фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат хизматлари билан боғлиқ низоларини тезкор ва шаффоф кўриб чиқиш имконини берадиган янги тизим жорий қилинди. Президент фармонига асосан, ҳуқуқий эксперимент тариқасида маъмурий ҳужжатларга оид шикоятларни судгача кўриб чиқиш тартиби амалиётга киритилди.

Апелляция кенгаши — янги босқичдаги адолат

Эндиликда фуқаролар ёки тадбиркорлар давлат хизматини олишда қабул қилинган қарордан норози бўлса, судгача мурожаат қилиш имконига эга. Бунинг учун Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида фаолият юритувчи Апелляция кенгашлари тузилди. Улар юридик шахс мақомига эга бўлмаган, мустақил коллегиал орган сифатида фаолият юритади.

Нима кўриб чиқилади ва қандай қарор қабул қилинади?

Кенгашлар 20 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари билан боғлиқ маъмурий ҳужжатларни қонунийлик нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Улар қуйидаги қарорлардан бирини қабул қила олади:
  • ҳужжатни ўзгартирмасдан кучда қолдириш;
  • ҳужжатга ўзгартириш киритиш бўйича ваколатли органга мажбурият юклаш;
  • ҳужжатни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш ва аризани қайта кўриб чиқишни талаб қилиш.

Ариза бериш осон ва бепул

Фуқаролар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали шикоят юборишлари мумкин. Бунда ариза бериш учун алоҳида тўлов талаб этилмайди. Апелляцияга мурожаат қилиш ихтиёрий бўлиб, фуқароларнинг тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқига чеклов қўйилмайди.

E-qaror орқали шаффофлик

Кенгашлар қабул қилган қарорлар 3 иш куни ичида “E-qaror” электрон тизимида жойлаштирилади. Бу қарорлар давлат органлари учун мажбурий ҳисобланади. Фуқаролар эса шахсий кабинетлари орқали ўзларига тааллуқли қарор билан танишиш имконига эга бўладилар.

Адолат сари қадам

Ушбу тизим давлат хизматлари билан боғлиқ бюрократия ва адолатсизликларга қарши самарали механизм сифатида хизмат қилиши кутилмоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари бепул, тезкор ва қонун доирасида ҳал этилиши — давлат хизматларига ишончни янада мустаҳкамлайди.

Zamin.uz таҳририяти мазкур тизимнинг амалиётда қандай самара бераётганини кузатиб боради. Сиз бу тартибни қандай баҳолайсиз? Ягона портал орқали шикоят бериш осон бўладими?