ru24.pro
World News
Май
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ

0
Жаҳон тажрибасидан маълумки, ҳар қандай давлатнинг ривожланиши таълимга берилаётган эътиборга боғлиқ. Жамиятдаги барча соҳаларнинг самарали ишлаши ҳам айнан таълим тизимининг натижадорлиги билан узвий ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам юртимизнинг бугунги ва эртанги кунини белгилаб беришда аҳамиятлидир. Мазкур йиғилишда Президентимизнинг “Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ” деган сўзлари ҳам масаланинг нақадар долзарблигини кўрсатиб турибди.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон шароитида мактабгача ва мактаб таълимига бўлган эътибор бир неча баробар ортди. Натижа ҳам шунга яраша. Ушбу йиғилишда бу ҳақда рақамлар келтирилди. Жумладан, мазкур соҳа учун маблағ 7 карра оширилгани, жорий йилда эса 60 триллион сўм йўналтирилаётгани, мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўринлар яратилгани, боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етгани, малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилингани, боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашгани фикримиз далили бўла олади.

Албатта, бундай натижаларга эришиш осонлик билан бўлгани йўқ. Тинимсиз меҳнат, ташаббускорлик, масъулият ва донишмандлик натижаси бу. Шу билан бирга қатъий сиёсий ирода самараси бу.

Бугун мамлакатимизда очиқлик ва шаффофлик, сўз ва фикр эркинлиги ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам таъминланди. Шу боис, айтиш мумкинки, олиб борилаётган ислоҳотларни том маънода тарихий дейишимизга асос бор. Бугун ўқитувчи ўз аудиториясида ўқувчиларига сифатли таълим бериши учун барча шароитлар яратилди. Ўқитувчи турли дала ишлари, пахта териш, кўча супуриш, ободонлаштириш ёки мажбурий меҳнатдан, таъбир жоиз бўлса “суғуриб” олинди. Энди ўқитувчи фақат таълим бериш билан, ўз устида ишлаш билангина ўзини кўрсатиши мумкин.

Йиғилишда ечимини кутаётган масалалар жиддийлигини инобатга олиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бутун тизими билан “фавқулодда тўқсон кунлик” тартибида ишлашга ўтиш топширилди. Ҳудудлардаги 12 та педагогика олийгоҳлари ҳам вазирлик тизимига ўтказилди. Барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгариши белгиланди. Ушбу олийгоҳларга Янги Ўзбекистон университетидаги каби халқаро бошқарув тизими татбиқ этилиши, “Топ” хорижий олийгоҳлар тажрибаси асосида факультетлар ўрнида аниқ, табиий, ижтимоий, филология, амалий фанлар, мактабгача ва бошланғич таълим бўйича 6 та олий мактаб ташкил қилиниши, фанлар сони ва таълим йўналишлари ҳам мақбуллашиши, ўқув юкламалари қисқариши, ҳудуддаги мактаблар олийгоҳнинг амалиёт базасига айлантирилиши, хорижий тил сертификати бор ўқитувчилар Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби давлатларга малака оширишга юборилиши белгиланди.

Айни пайтда юртимизда олий таълим олиш учун барча имкониятлар етарли. Давлат олийгоҳлари билан бир қаторда нодавлат ва хусусий олийгоҳлар сони ҳам кўпайди. Бироқ, шу ўринда бу таълим сифатини ошишига хизмат қилмоқдами, деган ҳақли савол туғилади. Йиғилишда бу борада ҳам фикрлар билдирилди. Жумладан, хусусий олийгоҳларда асосан педагогик соҳада кадрлар тайёрланаётгани, аниқ ва табиий фанлар бўйича мутахассислар тайёрлаш сустлиги, бундан буён хусусий олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар давлат институтлари билан бир хил бўлиши, улардаги педагоглар ва талабалар билими ташқи диагностикадан ўтказилиши таъкидланди.

“Ёшларни бўш вақти – душманни иш вақти” деган гап бор. Бугунги ёшлар жуда қизиқувчан, янгиликларга интилувчан ҳисобланади. Йиғилишда шу жиҳатлар таҳлил қилинар экан, ҳозирда 7-11 синф ўқувчилари кунига 8 соатгача вақтини телефонда ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани барчамизни ўйлантириши зарурлиги қайд этилди. Айниқса, бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқда зарарли ахборот ва контентлар кўплигини ҳисобга олиб, болаларни ушбу салбий ахборотлардан ҳимоя қилиш, унга қарши тура оладиган миллий контентлар яратиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди.

Маълумки, саноқли кунлардан кейин 6 миллиондан зиёд ўқувчи ва 1 миллиондан ортиқ талаба таътилга чиқади. Таътил пайтида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ёзги таътил вақтида барча таълим муассасаларининг спорт майдончаси ва ўқув хоналарида ёшлар учун спорт, фан ва касб тўгаракларини очиш белгиланди. Ўзлаштириш даражаси паст мактабларга оқсаётган фанлар бўйича энг яхши мутахассислар жалб қилиниб, ўқувчилар учун ҳафтасига олти соатлик ўқув курслари ташкил қилинади.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, ҳудудларда 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 200 та оромгоҳ, 2 мингдан ортиқ туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, жойлардаги амфитеатр ва сайилгоҳларда ҳар куни концерт ва мусиқа кечалари ўтказиш, маданият ва истироҳат боғларида санъат кўргазмалари, шеърият кечалари ва интеллектуал ўйинлар ташкил этиш, ёзги оромгоҳларда ёшларни “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа” лойиҳалари билан қамраб олиш, “Заковат” интеллектуал ўйинининг мактаб лигасини ташкил этиш, “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси бўйича туман ва вилоят танловлари ўтказиш, “Менинг маҳаллам – менинг фахрим” лойиҳаси доирасида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича 100 минг ёш волонтёрликка жалб қилиш, “Ёшлар туризми ойлиги”да 1 миллион ёшлар учун музей ва тарихий обидаларга экскурсиялар ташкил қилиш таъкидланди.

Албатта, бу белгиланаётган чора-тадбирлар ёшларни бўш вақтини самарали ташкил этиш, бандлигини таъминлаш ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда мазкур видеоселектор таълим соҳасини янада ривожлантириш, ёшларни билимини ошириш, таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эга бўлди.

Наримон Дехканов
Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати