ru24.pro
World News
Февраль
2025
1 2 3 4 5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Суриянинг янги раҳбари Туркия президенти билан учрашувга йўл олди

0
Суриянинг вақтинча президенти Аҳмад аш-Шаръа ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада учрашув ўтказади. Томонлар Сурия марказида Туркия авиабазалари ташкил этиш ҳамда Суриянинг янги армиясини ўқитишни ҳам ўз ичига олувчи қўшма мудофаа пактини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ аш-Шаръа Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ва Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад Ол Соний билан учрашганди.

Мудофаа соҳасидаги бўлажак музокаралар ҳақида Reuters агентлиги тўрт манба, жумладан Сурия хавфсизлик хизмати ходимига (расмий баёнот беришга ваколати йўқлиги туфайли анонимлик шарти билан маълумот беришга рози бўлган) таяниб хабар берган.

Манбаларнинг сўзларига кўра, янги пакт Сурия марказий қисмидаги Бадия саҳросида туркларнинг иккита авиабазаси ташкил этишни ўз ичига олиши мумкин.

Бу келишув Туркияга Сурия ҳаво ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш ва Суриянинг янги армияси қўшинларини тайёрлашда етакчи рол ўйнаш имконини беради (Суриянинг янги раҳбарияти армия ва турли исёнчи гуруҳларни тарқатиб юборди ва уларни янгиланган ҳарбий қўмондонлик остида бирлаштириш устида ишламоқда).

Фото: Getty Images
Сурия президентининг расмий вакили Reuters агентлигига айтишича, Аш-Шаръа Эрдўған билан «Туркия томонидан янги Сурия армиясини тайёрлаш, шунингдек, ҳамкорликнинг янги соҳалари»ни (айнан қандай соҳалар эканига аниқлик киритилмаган) муҳокама қилади.

Туркия президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Фахриддин Олтин душанба куни Эрдўған ва аш-Шаръа Суриядаги сўнгги воқеалар ва Сурия иқтисодиётини тиклаш ҳамда мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликка эришиш бўйича мумкин бўлган қўшма чора-тадбирларни муҳокама қилишини айтди.

НАТО аъзоси бўлган Туркия узоқ вақтдан бери Суриядаги қуролли ва сиёсий мухолифатни қўллаб-қувватлаб келган. Анқара Асаднинг минтақадаги асосий иттифоқчиси Эрон кетиши билан юзага келган бўшлиқни тўлдириш ва ўз таъсир доирасини кенгайтириш орқали янги Сурияда муҳим рол ўйнашга интилмоқда. Бу, ўз навбатида, Форс кўрфазидаги араб давлатлари билан рақобатга олиб келиши ва Исроилни сергак торттириши мумкин, дея қайд этади Reuters.

Сурия шимоли-ғарбида жойлашган, 2017 йилдан буён аш-Шаръа бошчилигидаги коалиция томонидан бошқарилган Идлиб анклавида Туркиянинг ҳарбий мавжудлиги сезиларли даражада бўлиб, унинг шимолида Туркия ҳарбий базалари жойлашган.

Декабр ойида Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер Анқара «агар [Суриянинг янги] маъмурияти буни сўрайдиган бўлса, керакли ёрдамни кўрсатишга тайёрлиги»ни айтган.

Саудия Арабистонига ташриф ва Қатар амири билан учрашув

Якшанба куни Аҳмад аш-Шаръа Ар-Риёдда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан учрашганди
Bandar Algaloud / Saudi Royal Court / Handout/Anadolu

Якшанба куни Суриянинг вақтинча президенти Аҳмад аш-Шаръа илк хорижий сафари давомида Ар-Риёдда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан учрашганди.

Ёзма баёнотда Шаръа шаҳзода билан гуманитар ва иқтисодий ҳамкорликни, шунингдек, «энергетика, технология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида келажак учун кенг кўламли режалар»ни муҳокама қилганини маълум қилган.

Саудия давлат ахборот агентлигида эълон қилинган баёнотда эса томонлар икки томонлама муносабатларни яхшилаш ва минтақадаги воқеаларни муҳокама қилгани айтилган.

Асад режими ағдарилганидан кейин аш-Шаръа ва Суриядаги бошқа расмийлар Ғарбдаги ва араб давлатлари раҳбарлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларда Ар-Риёд етакчи рол ўйнамоқда. Январ ойи бошида Саудия Арабистони Суриянинг янги ташқи ишлар вазири ҳамда мудофаа вазирини қабул қилган, шунингдек ой охирида Сурия, бошқа араб давлатлари ҳамда ғарблик мулозимлар билан учрашувлар ўтказилганди.

Аҳмад аш-Шаръа Саудия Арабистонига ташрифидан бир неча кун олдин Дамашқда Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийни қабул қилганди. Бу 8 декабр куни Башар Асад режими ағдарилганидан кейинги даврда бошқа давлат раҳбари Сурия пойтахтига илк бор келиши бўлганди.

Шайх Тамим аш-Шаръа билан учрашувда «Сурия халқининг барча қатламларини ифодаловчи ҳукуматни зудлик билан шакллантириш зарурлиги»ни таъкидлади, дейилади Қатар амири саройи баёнотида.

Араб етакчилари билан муносабатларнинг илиқлашуви Башар Асад даврида юзага келган вазиятга нисбатан сезиларли силжишдир. 2011 йилда ҳукмрон тузум норозилик намойишларини шафқатсизларча бостириши ортидан Араб давлатлари лигаси Суриянинг аъзолигини 10 йилдан ортиқ муддатга тўхтатиб қўйганди.