ru24.pro
World News
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Трамп президентлик лавозимига киришган куниёқ судга берилди

0
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ню-Ҳэмпшир федерал судига АҚШ президенти Доналд Трамп устидан даъво аризаси билан мурожаат қилишди.

Аризада ноқонуний мигрантларнинг АҚШ ҳудудида туғилган болаларига фуқаролик беришни рад қилиш қарори Конституция ва бошқа қонунларга зид экани таъкидланган. Ариза 20 январда, Трамп президентлик лавозимига киришган куниёқ берилган. Даъво Трамп маъмуриятини Конституция ва бошқа қонунларни бузганликда айблайди.

«Туғилиш ҳуқуқи асосида фуқаролик бериш Американинг энг асосий ваъдасини ўзида мужассам этади: бизнинг заминимизда туғилган барча болалар ота-оналари келиб чиқиши, мавқеи ва шароитларидан қатъи назар, жамиятнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида ҳаётни бошлайди. 14-тузатишни ишлаб чиқувчилар Конституцияда ушбу тамойилни ҳеч ким, ҳатто президент ҳам Америкада туғилган болаларни фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум қила олмаслигини таъминлаш учун махсус белгилаб қўйган. Улар буни иммигрант болаларни, шу жумладан камситиш ва таъқибга дучор бўлганларни ҳимоя этишини билган ҳолда қилдилар», дейилади ҳужжатда.

Даъвода жавобгар сифатида Доналд Трамп, Ички хавфсизлик вазирлиги, Давлат департаменти ва бошқалар бор. Энди Трамп фармони тақдири катта эҳтимол билан Олий судда ҳал қилинади.

Туғилиш ҳуқуқи асосида фуқаролик бериш - бу Қўшма Штатларда туғилган ҳар бир боланинг ота-онасидан қатъи назар, АҚШ фуқароси бўлиши (хорижий дипломатларнинг фарзандларидан ташқари) тамойилидир. 14-тузатиш 1868 йилда ратификация қилинган. 30 йил ўтиб, 1898 йилда Олий суд АҚШда туғилган муҳожирларнинг фарзандлари фуқаролик ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқлади. Шундан бери бу тамойил ҳеч қачон шубҳа остига олинмаган.

20 январда лавозимга киришган Доналд Трамп бир неча ўнлаб буйруқларни, жумладан «Америка фуқаролигининг аҳамияти ва қадрини ҳимоя қилиш» номли ҳужжатни имзолади. Буйруқда айтилишича, 14-тузатиш Қўшма Штатларда туғилган, аммо «унинг юрисдикциясига бўйсунмаган» шахсларга тааллуқли эмас.

Ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, туғилиш орқали автоматик равишда фуқароликни олиш ҳуқуқи қуйидагиларга тааллуқли эмас:
  • - боланинг туғилиши вақтида онаси АҚШда ноқонуний бўлган ва отаси мамлакат фуқароси ёки қонуний доимий резиденти бўлмаган;
  • - онаси Қўшма Штатларда қонуний, лекин вақтинчалик (туризм, талаба ёки иш визаси билан) бўлган ва отаси фуқаро ёки қонуний доимий резидент бўлмаган.

Фармон давлат идораларига бундай кишиларнинг фарзандларига гувоҳнома беришни тақиқлайди.