Фонсека «Лион» билан совринлар учун курашга тайёр эканини айтди
«Лион» бош мураббийи Паулу Фонсека жорий мавсумдаги иш жараёни ва жамоанинг ҳолати ҳақида фикр билдирди. Клуб барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 13 ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этиб, бир вақтнинг ўзида уч турнирда ҳам барқарор ўйин кўрсатмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Фонсека жамоа соврин ютишга ҳам тайёр, ҳам бунга қодир эканини таъкидлади. Мураббий бу унинг Лига 1даги тўртинчи мавсуми эканини эслатиб, айнан шу йил чемпионат рақобати энг юқори даражага чиққанини, шунга қарамай у футболчиларнинг амбицияси, ишлаш услуби ва доимий ўсишга интилишини юқори баҳолашини айтди.
Шунингдек, португалиялик мутахассис «Лион» бу мавсумда катта сюрприз тақдим этиши мумкинлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, жамоа мавсумни қандай бошлагани ва дуч келган қийинчиликларни унутмаслик керак, ҳозир эса клуб имкон қадар энг яхши формага кирган. Мураббий учун энг муҳим мезон — мавсум якуни ва охир-оқибат «алоҳида нарса» яратиш мумкинлигига ишончи бор.
Айни пайтда «Лион» Франция чемпионатида учинчи ўринда бормоқда. Клуб Европа Лигаси умумий босқичини биринчи ўринда якунлаб, плей-оффда курашни давом эттиради.
