ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21
22
23
24
25
26
27
28

Авиацияда янги рекорд: самолёт юриб кетаётган поезд томига қўндирилди

0

Авиациянинг қарийб бир асрлик тарихида бундай манёврни ҳали ҳеч ким амалга оширмаган эди. Осмонда минглаб “шоу”лар кўрилган, турли рекордлар ўрнатилган, лекин ҳаракатланаётган поезд томига самолёт қўндириш — бу аллақачон “фантастика”дек эшитилади. Бироқ бу сафар фантастика реал ҳаётга айланди: лойиҳа Train Landing деб номланди ва 2026 йил 15 феврал куни Туркиянинг Афонкарахисар шаҳри яқинида тарихий парвоз амалга оширилди.

Рекорд парвоз учун учувчи Коста Zivko Edge 540 самолётидан фойдаланди. Бу — 400 от кучига эга двигател билан жиҳозланган, бир ўринли, учиш ва манёврда “ўткир” спорт самолёти. Энг муҳим лаҳзада самолёт вагон томига аниқ тегди, қўниш деярли “миллиметр” ҳисобида чиқди. Ва шу билан трюк тугамади: учувчи деярли танаффуссиз тезликни қайта йиғиб, поезд томидан яна ҳавога кўтарилди.

Бу манёврнинг қийинлиги фақат “поездга қўниш” деган гапда эмас. Поезд билан синхрон ҳаракатланиш учун Костага тезликни тахминан соатига 87 километргача туширишга тўғри келди. Бу эса спорт самолёти учун жуда нозик чегара: тезлик озгина пасайса — барқарорлик йўқолиши мумкин, озгина ошиб кетса — вагон томидан “ўтиб” кетиш хавфи ортади. Устига-устак, идеал траекторияга чиқиш талаб қилинган: вагон томи хатога деярли жой қолдирмайди, бир лаҳза кечикиш ёки бир даража бурилиш — ва барчаси барбод.

Манёврни янада мушкуллаштирган жиҳат — кўриш имкониятининг чекланиши. Қўниш пайтидаги бурчак ҳужуми, ҳаракат динамикаси ва паст баландликдаги тезкор қарорлар учувчидан жуда совуққонлик талаб қилди. Бутун кетма-кетлик — яқинлашувдан тортиб, қўниш ва қайта учишгача — тахминан 50 сония давом этди. Шу қисқа вақт ичида трюк қарийб 2,5 километрлик участкaдa бажарилди.

Энг қизиғи, бу “бир кунлик ғоя” эмас. Лойиҳани тайёрлаш ишлари 2024 йилдаёқ бошланган. Red Bull муҳандислари ва учувчилар жамоаси ўнлаб симуляциялар ўтказди, аэродинамика бўйича ҳисоб-китоблар қилди, хатолар хавфини камайтириш учун ҳар бир майда деталгача ишлади. Ҳатто Хорватияда ҳаракатланаётган платформада айрим элементлар алоҳида машқ қилинган. Якунловчи босқич эса энг “қалтис” қисм бўлди: поезд ҳосил қиладиган турбулентлик шароитида идеал мувофиқлашув, самолётни филигран назорат қилиш ва бир вақтнинг ўзида тезлик-мувозанатни ушлаб туриш талаб этилди.

Шу боис бу трюкни фақат томошабоп шоу, деб қабул қилиш тўғри бўлмайди. Бу — учиш маҳоратининг энг юқори даражадаги аниқлиги, инсон реакцияси ва муҳандислик имкониятлари бир нуқтада учрашган воқеа. Қисқаси, осмондаги навбатдаги “ролик” эмас — авиация тарихи учун янги белги.